Арманистонда бош вазир Серж Саркисянга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда

Еревандаги норозилик намойиши.

Арманистон президенти Армен Саркисян Ереван марказида бир ҳафтадан бери норозлик намойиши ўтказаётганлардан 120 нафари қўлга олингани ортидан мухолифат ва ҳукуматни мулоқотга чақирди.

19 апрелда Ҳукумат биноларидан бирини эгаллаб олишга ҳаракат қилган намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашув оқибатида 120 норози қўлга олинган эди.

Мухолифат дидери Никол Пашинян норозиларни намойишни давом эттиришга ва 20 апрель куни Ереван кўчаларини тўсиб қўйишга чақирди.

-Арман халқи коррупцияга, адолатсиз сиёсий тизимга қарши бахмал инқилобини эълон қилди. Жуда яхши биламизки, Серж Саркисян Арманистонда коррупция рамзидир, -деди Никол Пашинян.

Арманистоннинг собиқ президенти Серж Саркисян бош вазир лавозимини эгаллашига қарши норозилик намойишлари 7 кун аввал бошланган эди. Шунга қарамай Саркисян 17 апрелда парламент томонидан бош вазир лавозимига сайланган.

2008 йилда президентликка сайланиб, бундан икки ҳафта олдин бу лавозимни тарк этган Саркисян бош вазир сифатида ўз ҳокимиятини сақлаб қолишни режалаштирмоқда.

9 апрель куни унинг фамилиядоши Армен Саркисян 7 йиллик муддатга президентлик курсисига ўтирди.