Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ТАПҲ (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) газ қувури қурилишида маънавий қўллов ва моддий ёрдам сўрамоқчи.
Бу ҳақда Азатлық радиоси (“Озодлик” радиосининг туркман хизмати) ҳукуматдаги ўз манбасига таяниб хабар қилди.
Гурбангули Бердимуҳаммедов бошчилигидаги ҳукумат аъзолари, тадбиркорлар, маданият ходимлари кирган делегация Ўзбекистонга амалга ошадиган ташрифга тайёргарлик кўрмоқда.
Манбанинг хабар қилишича, икки томонлама музокаралар мобайнида Бердимуҳаммедов ўзбекистонлик ҳамкасбидан ТАПҲ қурилиши учун кредит сўрамоқчи ва бу лойиҳани қўллаб-қувватлашини илтимос қилмоқчи.
"Интерфакс" агентлигининг 26 декабрь куни маълум қилишича, Бердимуҳамедов Мирзиёевга мурожаат қилишидан аввал худди шу каби таклиф билан Россиялик ҳамкасби Владимир Путинга мурожаат қилган. Бироқ, Путин бу лойиҳага гумон билан қарашини айтган ва “бу турдаги лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилишини кўриб чиқишимиз керак”, деган.
Туркманистон Давлат Ахборот агентлиги томонидан февраль ойи ўрталарида тарқатилган хабарга қараганда, Бердимуҳамедов, шунингдек, ТАПҲ қурилиш лойиҳасига турк компанияларини жалб қилиш борасида маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Маълумки, газ қувури қурилишига сарфланадиган ҳаражатларнинг 85 фоизини Туркманистон ўз зиммасига олган.