Ўзбекистонда шу кунгача ўзбошимчалик билан қурилган уйлар мулк сифатида эътироф этилади.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармонда белгилаб берилди.
Фармонга асосан фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкалари ёки рухсатнома олмасдан қурилган турар -жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.
Акция доирасида 2019 йил 1 майгача мазкур Фармон қабул қилинган вақтга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса мулк сифатида эътироф этилади.