Қирғизистон янги бош вазири кортеждан бош тортди ва йўлларни тўсмасликка буйруқ берди

Муҳаммедкалий Абилгазиев (ўнгда) 2017 йилда ўша пайтдаги бош вазир, ҳозир амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков (чапда)нинг ўринбосари бўлган эди.

Қирғизистоннинг янги - 30-бош вазири Муҳаммедкалий Абилгазиев ўзини кузатиб борувчи кортеждан бош тортди ҳамда ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига бош вазир ишга кетаётганида йўлларни тўсмаслик тўғрисида кўрсатма берди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қирғизистон янги бош вазири кортеждан бош тортди ва йўлларни тўсмасликка буйруқ берди

Ҳукумат аппаратининг билдиришича,бу кўрсатма 21 апрель - ҳукумат раҳбари биринчи иш кунини бошлаганидан амал қила бошлади.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков ҳам ўзи ишга кетаётганида йўлларни бошқа автомашиналар ҳамда одамлар ҳаракатланишидан тўсмаслик тўғрисида буйруқ берган эди.

Президент ва бош вазир барча оддий фуқаролар каби умумий йўлдан ишга бориб-келадилар.

Янги ҳукуматдаги вазирларнинг ярми эски ҳукуматларда ишлаган

Муҳаммедкалий Абилгазиев 20 апрелда парламент томонидан бош вазир этиб сайланган эди. Бироқ у таклиф этган ҳукумат таркибида вазирларнинг ярмини истеъфога чиқарилган эски ҳукумат аъзолари ташкил қилмоқда.

Муҳаммедкалий Абилгазиев бу борадаги саволларга жавоб берар экан:

-Биз самарали ишлаган вазирларни ўз лавозимларида сақлаб қолишга қарор қилдик, - деб айтди.

Депутат: Ёшлар ҳукумати кетиб, қариялар ҳукумати келди

Айрим сиёсатчилар Муҳаммедкалий Абилгазиев ҳукуматини “қариялар ҳукумати” деб баҳоламоқда.

-Ёш болаларнинг ҳукумати тезда ҳокимиятдан кетди, энди чопонини судраган чолларнинг ҳукумати келди. Яхши ҳукумат бу, деб мақтов сўзларини айтай десам, бу эски, ишлатилиб бўлинган ҳукумат, -деди парламент депутати Рискелди Момбеков.

Бироқ парламент депутатларининг асосий кўпчилиги янги ҳукумат коррупцияга қарши кураш ва иқтисодий ислоҳотлар масаласида сиёсий эркка эга эканига ишонишларини айтмоқдалар.

Сапар Исақовнинг "ишончсизликка учраган" ҳукумати

Қирғизистон парламенти 19 апрель куни эрталаб асосий кўпчилик овоз билан ҳукуматга ишончсизлик билдириш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Бунинг ортидан собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг “ўнг қўли” ва ишончли шогирди экани айтилиб келинган Сапар Исақов раҳбарлигидаги асосан ёшлардан иборат ҳукумат истеъфога чиқарилди.

Парламентдаги ҳукумрон Социал-демократлар фракцияси раҳбари Иса Ўмурқулов бош вазир ва президент ўртасида юзага келган сиёсий зиддият ортидан ҳукуматга ишончсизлик билдириш қарорини қўллагани тўғрисида айтган эди.

Бош вазир Сапар Исақов раҳбарлигидаги ҳукумат 2017 йилнинг августида иш бошлаган эди.

Сапар Исақов раҳбарлигидаги ҳукумат Қирғизистон тарихида ишончсизлик билдирилгани ортидан истеъфога чиқариладиган иккинчи ҳукумат бўлди.

Бундан олдин 1993 йилда Турсунбек Чингишев раҳбарлигидаги ҳукуматга ишончсизлик билдирилган эди.