Владимир Норов ШҲТ бош котиблигига номзод қилиб кўрсатилди

Владимир Норов(чапдан биринчи) ЕИ расмийлари билан музокараларда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат Ташқи ишлар вазирларининг 24 апрель куни Пекинда бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон расмийси Владимир Норов номзоди ташкилот бош котиблигига қабул қилинди.

Норов номзоди эндиликда ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим. Норовнинг бу лавозимга 2019 йил 1 январидан 2021 йил 31 декабригача тайинланиши кутилмоқда.

ШҲТнинг жорий бош котиби Тожикистон вакили Рашид Алимов ва у бу лавозимда 2018 йил охирига қадар қолади.

63 яшар Владимир Норов ўз фаолиятини Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан бошлаб¸ сўнгра президент маъмурияти ва Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган. 2006-2010 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган.

2010 йилда Ташқи ишлар вазирининг 1-ўринбосари ¸ 2017 йилда эса Ўзбекистон президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти директори¸ Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинланган.

Ўзбекистоннинг Германия ва Бельгиядаги элчиси бўлиб ишлаган Владимир Норов Фавқулодда ва мухтор элчи мақомига эга¸ ҳуқуқшунослик фанлари номзоди.