Швеция пойтахти Стокҳольмда террорчиликда айбланиб судланаётган Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқиловга прокурор умрбод қамоқ жазоси берилишини сўради.
Халқаро нашрларга кўра¸ прокурор Ханс Ирман суддаги якунловчи сўзида: "Бир умрга озодликдан маҳрум қилишдан бошқа жазо истисно этилади. Оқилов жамоат хавфсизлиги учун таҳдид туғдиради ва ҳозирги қарашларидан келиб чиқилса,келажакда ҳам шундайлигича қолади", деб айтган.
Прокурор умрбод қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан сўнг Раҳмат Оқилов Швецияга қайта келиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, депортация қилинишини ҳам сўради.
Хабарда айтилишича, Швецияда умрбод қамоққа маҳкум қилинган шахс 18 йилдан сўнг ўзига белгиланган жазони ўзгартиришни ёки қамоқ муддатини камайтиришни сўраши мумкин.
Оқиловга нисбатан 13 февралда бошланган суд май ойининг бошларида якунланади. Ҳукм эса июнь ойининг иккинчи ярмида ўқилиши режалаштирилган.
Раҳмат Оқилов 2017 йилнинг 7 апрелида Стокҳольм марказидаги йўловчилар юрадиган кўчаларнинг бирида юк машинаси одамлар устига бостириб, 5 одамни ўлдирган, 15 кишини жароҳатлаган эди.
У бу ишни "Ислом давлати" гуруҳи амирининг буйруғи билан амалга оширганини тан олган.