Ўзбекистонлик кинорежиссер Рашид Маликовнинг “Сабот” фильмига пайшанба куни якунланган 40-Москва халқаро кинофестивали соврини берилди.
Рашид Маликов фильмини алоҳида эътироф этган мутахассислар унга Россия киномунаққидлари ҳайъати¸ шунингдек¸ киноклублар федерацияси махсус совринига лойиқ деб топилди.
Озодлик билан 2017 йилнинг 20 декабрь куни “Сабот” фильми ҳақида гаплашган Рашид Маликов фильмнинг ўзбек кино саноатида шаклланган қайнона-келин мавзуидаги шаблонларга зид тарзда суратга олинганлигини таъкидлаган эди.
- Бу кинони олиш таклифи билан 2015 йилда “Ўзбеккино” ДАК раҳбариятига мурожаат қилдим. Кино тайёр бўлган 2017 йил декабрига қадар, уч марта кино раҳбарияти ўзгарди. 2015 йилги раҳбар Ғофур Эшмуродов бу фильм олинишига тиш-тирноғи билан қарши бўлди. Кейин у кишининг ўрнига “Ўзбеккино” миллий агентлигига раҳбар бўлган Отабек Мусаев коно ғоясини қўллаб қувватлади. Мусаевнинг ўрнига келган Фурқат Зокиров ва муҳаррир Шуҳрат Ризаев бу фильм рўëбга чиқиши учун ëрдам берди¸ деган эди киночи Озодлик билан суҳбатда.
Киномунаққидлар томонидан “оддий ўқитувчининг қасоси ҳақидаги фильм” деб айтилган “Сабот” кинокартинаси Устюрт чўлларида суратга олинган.