“Бунëдкор” метро бекати ҳам¸ “Истиқлол” саройи ҳам яна “Халқлар дўстлиги” деб номланади

80-йилларда қурилган бу саройнинг дастлабки номи "Халқлар дўстлиги" эди.

Ўзбекистон президенти 26 апрель куни видеоселектор йиғилишида Тошкент марказидаги метро бекати ва санъат саройига “Халқлар дўстлиги” номини қайтариш “адолатли бўлиши” ни билдирди.

Президент жумладан¸ 2-жаҳон уруши даврида уруш ҳудудидан эвакуация қилинган турли миллат болаларидан 14 тасини асраб олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласини “юксак инсонийлик” намунаси деб баҳолади.

Ана шу инсонийлик рамзи сифатида Шомаҳмудовларга ўрнатилган меъморий мажмуани яна эски жойи – ҳозирги “Истиқлол” саройи олдига қайтаëтганини олқишлаган президент¸ бу санъат саройига ҳам¸ унинг олдидаги метро бекатига ҳам “Халқлар дўстлиги” бирламчи номини қайтаришни таклиф қилди.

“Халқлар дўстлиги” метро бекати Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори билан 2008 йил 6 августида “Бунëдкор” футбол клуби шарафига “Бунëдкор” деб ўзгартирилган эди.

Ўша даврда президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова “Бунëдкор” клубининг ҳомийларидан бири эди.

Бугунга келиб ҳокимият эътиборидан тушган "Бунëдкор" клубининг ўз ўйинчиларига ойлаб ойлик бера олмайдиган даражада оғир молиявий аҳволда қолгани айтилади.