Наманган вилоятига сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев вилоятда ўтказилган агротажриба натижалари бўйича картошка уруғчилигини ривожлантиришга оид махсус қарор лойиҳасини ишлаб чиқишга топшириқ берди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, Мирзиёев бундай кўрсатмани Чуст туманидаги “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятига қилган ташрифи пайтида берди.
Бу ерда ёш олим Шерзод Тошпўлатов томонидан жорий этилган аэропоника усулида картошка уруғи етиштириш тажрибаси президентда катта таассурот қолдирган. Расмий хабарда айтилишича, бу усул орқали анъанавий усулга нисбатан 6 баробар юқори ҳосил олиш мумкин.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, Мирзиёев 2017 йилнинг июлида Наманган вилоятида бўлганида “туман ва шаҳарларда бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринлари яратиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш юзасидан вазифаларни белгилаб берган”.
“Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ишларнинг сифати, ислоҳотларнинг бориши билан танишади, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни белгилаб беради”, дейилади расмий хабарда.