Собир Раҳимов ҳайкали ҳам асл жойига қайтарилади

Собир Раҳимов ҳайкали 2011 йилда Ғафур Ғулом боғига кўчирилган эди.

2 май куни Наманган вилояти Норин туманида вилоят фаоллари билан ўтказган учрашувида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев яқинлашаëтган 9-май муносабати билан 2-жаҳон уруши давридаги ўзбекистонлик қаҳрамонларни эслаб ўтган.

Кун.уз нашри президентнинг ушбу мажлисда айтган:

“Мана, 9 май яқинлашиб келаяпти. Мени қийнаб келаётган яна битта масала бор. Шафқатсиз фашизм билан курашда уруш майдонларида қолиб кетган буюк боболаримиз бор. Шуларни ичида биргина бўлган генерал Собир Раҳимовнинг номини эсламай ҳам қўйдик. Мана шу қаҳрамон генералимизнинг ҳайкалини тарих ва адолат учун тиклаб қўйсак. Бу иш 9 майгача амалга оширилса яхши бўларди”, деган гапларини иқтибос келтирди.

Айни пайтда¸ Мирзиëевнинг бу таклифи ҳозирча президент расмий сайтида эълон қилинмади.

Бу таклифдан сўнг¸ Собир Раҳимов ҳайкалини эски жойига қайтаришга оид бирор расмий қарор чиқарилганига оид хабар ҳам ҳозирча йўқ.

Тошкентдаги Собир Раҳимов ҳайкали 2011 йилда дастлабки жойи Собир Раҳимов тумани ҳокимлиги биноси олдидан кўчирилган¸ унинг номи берилган туман ва метро бекати ҳам “Олмазор”га айлантирилган эди.

Бу ишлар¸ Каримовнинг СССР тимсолларидан қутулиш концепциясининг бир қисми сифатида талқин этилган эди.

1945 йил мартида бошидан яраланиб¸ вафот этган тошкентлик Собир Раҳимов¸ советлар даврида генерал-майор унвонига лойиқ топилган илк ўзбекистонлик генералдир.

Ўтган ой президент Мирзиëев ташаббуси билан уруш йиллари Ўзбекистонга олиб келинган етим болалардан 14 нафарини асраб олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовларга ўрнатилган ҳайкал бирламчи жойи - Истиқлол/Халқлар дўстлиги саройи олдига қайта кўчирилди.