Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 26 апрель кунги видеоселектор йиғилишида Тошкент марказидаги метро бекати ва санъат саройига “Халқлар дўстлиги” номини қайтариш “адолатли бўлиши” ни билдирганидан саноқли кун ўтиб¸ Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши бу таклифни қарорга айлантирди.
Кенгашнинг 3 май кунги мажлисида “Истиқлол” санъат саройи¸ “Бунëдкор” метро бекати ва сарой олдидаги майдонга яна “Халқлар дўстлиги” номини бериш ҳақида қарор қабул қилинди.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида хабар қилинди.
Расмий хабарга кўра¸ 3 май кунги мажлисда “Шайхонтоҳур тумани, “Обиназир”, “Жарариқ” маҳаллалари ҳудудида жойлашган Тошкўча кўчасига, кўчанинг аввалги номи - иккинчи жаҳон уруши даврида юксак инсоний фазилатларни намоён этган Шоаҳмад Шомаҳмудов номини бериш”га ҳам қарор қилинган.
Пойтахт Тошкент марказида 80-йилларда қурилган “Халқлар дўстлиги” саройи номи Каримов даврида “Истиқлол” деб ўзгартирилган эди.
“Истиқлол”нинг яна “Халқлар дўстлиги”га айланши¸ ижтимоий тармоқларда бораëтган мунозараларда совет рамзларини қайта тиклаш уриниши сифатида танқид қилинмоқда.