Тошкент шаҳар ИИББ ва "Ёшлар иттифоқи" ташкилоти пойтахтнинг Амир Темур хиёбонида Болалар ҳарбий парадини ўтказди.
ИИББнинг хабар қилишича, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ИИББ ва Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши бу тадбирни "ёш ўғил-қизлар қалбида ватанпарварлик туйғусининг яна мустаҳкамланишига хизмат қилиш" мақсадида ўтказган.
Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши пайтида аскарларнинг ҳарбий кийимларини кийган оркестр иштирок этди.
"Парадда иштирок этган Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари жамиятларининг раҳбарлари фахрийларга юзланиб, уларнинг иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси ва урушдан кейинги даврда юрт фаровонлиги йўлида кўрсатган хизматлари учун миннатдорлик изҳор қилдилар", деб хабар қилди бошқарма.
Парадда Тошкентдаги баъзи мактаб, лицей шу жумладан, ИИВга ҳузуридаги 1- академик лицей ўқувчилари, “Темурбеклар мактаби” ва бошқа мактаблардан йиғилган 500дан ортиқ бола иштирок этди.