Генерал Раҳимов ҳайкали эски жойига қайтди

2011 йили Ғафур Ғулом боғига кўчирилган генерал Собир Раҳимов ҳайкали Тошкентнинг Олмазор туманидаги аввалги жойига қайтарилди.

Генерал Собир Раҳимов ҳайкали Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғидан аввалги масканига - Олмазор туман ҳокимлиги биноси олдига қайтарилди. Бу ҳақда UzNews.uz нашрига Олмазор туман прокурори Д.Зуфаров маълум қилган.

Айни пайтда ҳайкал атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 2 май куни Наманган вилояти Норин туманида фаоллар билан ўтказган учрашувида яқинлашаëтган 9 май муносабати билан II Жаҳон уруши давридаги ўзбекистонлик қаҳрамонларни ёдга олганди.

“Мана, 9 май яқинлашиб келаяпти. Мени қийнаб келаётган яна битта масала бор. Шафқатсиз фашизм билан курашда уруш майдонларида қолиб кетган буюк боболаримиз бор. Шуларни ичида биргина бўлган генерал Собир Раҳимовнинг номини эсламай ҳам қўйдик. Мана шу қаҳрамон генералимизнинг ҳайкалини тарих ва адолат учун тиклаб қўйсак. Бу иш 9 майгача амалга оширилса яхши бўларди”, деганди Ш.Мирзиёев ўша учрашувда.