Путин 9 май куни ўтказилган ҳарбий парадида сўзлаган нутқида АҚШни танқид қилди

Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин Иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда сўзлаган нутқи давомида АҚШни танқид қилиб ўтди.

7 май куни тўртинчи марта президент сифатида қасамёд келтирган Путин 9 май куни Қизил майдонда “эгоизм ва тоқатсизлик, агрессив миллатчилик ҳамда даъволардан тортиб миллий устунликкача” бўлган унсурлар фашистлар агрессияси асоси бўлганини, ҳозирги кунда бундай қарашлар глобал тинчликка таҳдид солаётганини таъкидлади.

9 майда бўлиб ўтган ҳарбий парадда минглаб аскар ва ҳарбий техника иштирок этди. Парад Москванинг Украинадаги агрессияси ҳамда Суриядаги ҳарбий амалиётлари туфайли Россия билан Ғарб давлатлари ўртасида кескин танглик юзага келган бир пайтда бўлиб ўтди.

Путин учинчи президентлик муддатини ўтаётганида Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар кескин совуб кетди. Рус расмийлари АҚШни дунёга ҳукмрон бўлишга уринишда айблаб келади.

- Сайёрамизда уйғунлик, тинчлик ҳамда тараққиёт бўлиши учун Россия глобал хавфсизликни таъминлаш йўлида барча масалалар бўйича мулоқот олиб боришга, конструктив ва тенглик асосида ҳамкорлик қилишга тайёр, - деди президент.

Ғарб давлатлари ҳукуматлари бундай ҳамкорликка тайёр эканликларини, аммо Россия кейинги йилларда жаҳон бўйлаб агрессия кўрсатаётганини айтиб келадилар.