15-17 май кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трамп таклифига биноан АҚШга сафар қилади.
Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, Вашингтондаги музокараларда Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг бугунги вазияти ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
Оқ уй матбуот хизмати томонидан 10 май куни тарқатилган баёнотда¸ Шавкат Мирзиëевнинг "Оқ уйга қиладиган илк тарихий ташрифи" чоғида президент Дональд Трамп томонидан кутиб олиниши ва иккала президентнинг АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама стратегик шерикчиликни ўзаро манфаатли шаклда янгилаши айтилган.
Мирзиёевнинг АҚШ сафари давомида Конгресс, Мудофаа вазирлиги ва Давлат департаменти ҳамда Жаҳон банкида бўлиб, икки томонлама учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.
Ташриф якунида икки давлат раҳбарининг “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” деб номланган Қўшма баёнотни имзолаши кутилмоқда.
2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью Йоркка борган Шавкат Мирзиëев Дональд Трамп билан қисқа учрашув ўтказган эди.