Ўзбек расмийлари мамлакатда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ ҳамда амалий чора-тадбирларни амалга оширмоқчилар.
Бу муддао Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан 10 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорида ўз ифодасини топган.
Мазкур қарор Ўзбекистон Конституциясида ва бошқа қонун ҳужжатларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, бирон-бир жазо қўлланиши билан қўрқитган ҳолда ишларни бажаришга мажбурлашни тақиқловчи нормалар мустаҳкамланганини эътиборга олган ҳолда қабул қилингани урғуланмоқда.
Қарорнинг амалга оширилиши юзасидан ҳокимликлар, прокуратура, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Адлия вазирлиги тегишли топшириқлар берилган.
Ўзбекистонда ватандошлар, хусусан, бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани борасида Озодликка тез-тез шикоят хатлари келиб тушиб туради.