Адлия вазирлиги Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги “Вақф” хайрия жамоат жамғармасини рўйхатдан ўтказди.
Вазирликнинг Telegram тармоғидаги ахборот каналида берилишича, жамғарма президентнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ расмийлаштирилган.
Хабарда айтилишича, хайрия жамғармаси бошқарув кенгаши раиси Жалолиддин Хамрақуловга ташкилотнинг рўйхатга олингани тўғрисида гувоҳнома топширилган.
Айни пайтда, ушбу фармонга асосан, "тегишли идораларга фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари сифатида тушадиган маблағлар “Вақф” хайрия жамоат фондининг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланиши ҳамда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган (шу жумладан, Интернет тармоғи орқали онлайн кузатиш имкониятини яратган) ҳолда маблағларнинг тушиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофликни таъминлаш бўйича амалий кўмак бериш топширилган".