Диана Еникееванинг вафоти Махсус текшириш комиссияси хулосасига биноан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса деб топилди.
Бу ҳақда Facebook ижтимоий тармоғидаги "Халқ билан мулоқот" гуруҳида хабар қилинди.
Каттақўрғон туманидаги мактаб ўқитувчиси, кўча тозалашга чиқарилган 23 ёшли Диана Еникеевани юк машинаси уриб юборгани ҳақида Озодлик 15 март куни хабар қилган эди.
Махсус текшириш комиссияси хулосасига биноан, меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисада нобуд бўлган, деб топилган Диана Еникеева ўлими бўйича Н-1 шаклидаги далолатнома тузилгани айтилди.
Хабарда айтилишича, "Агросуғурта" суғурта компаниясининг Каттақўрғон туман бўлими Еникееванинг оиласига "бир марта тўланадиган 44 млн 697 минг 96 сўм бир йўла нафақа миқдори белгилаган".
Диананинг фарзандига эса, боқувчисини йўқотгани учун, 16 ёшга тўлгунча ойма-ой 206 минг 931 сўм миқдорида нафақа тўлаш белгиланди.
Бундан ташқари, 2019 йил 4 февралгача "Диананинг фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар жами 2 млн 211 минг 634 сўмлик тўлов ҳам тайинланган".