Ўзбекистон чегарачилари ўтган ой чегарани бузган ва ноқонуний мол олиб кирган 52 нафар кишини қўлга олган.
Газета.uz нашрининг Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, чегарачилар апрель ойи ичи Қозоғистон билан чегарада 24, Қирғизистон билан чегарада 18, Тожикистон билан чегарада 9 ва Афғонистон билан чегарада 1 чегарабузарни ушлаганлар. Туркманистон билан чегарада эса,Чегара қўшинлари вакилларига кўра, ўтган ой қонунбузарлик кузатилмаган.
Ноқонуний мол олиб кирмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси ўзбек-қирғиз ва ўзбек-тожик чегарасида қўлга олинган. Улар қўл телефонлари, тамаки маҳсулотлари ва электр лампаларини қонунга зид равишда олиб ўтмоқчи бўлганлари учун ушлагани айтилмоқда.
Чегара расмийларига кўра, қонунбузарларга нисбатан қонунчилик доирасида чора кўрилаётир.