Ўзбекистон пойтахти Тошкент билан Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри ўртасида 15 майдан автобус қатнай бошлайди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Manzara Tourism сайёҳлик оператори маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Ўзбекистон Автомобиль транспорти агентлиги томонидан йўлга қўйилган мазкур автобус қатнови кунига 3 мартадан амалга оширилади.
Тошкент-Хўжанд йўналиши бўйлаб чипта нархи 50 минг сўм, Хўжанд-Тошкент йўналиши бўйлаб чипта нархи эса 50 сомоний этиб белгиланган. Тўлов йўлга чиқиш мамлакатлари миллий валютасида амалга оширилади. Чипталарни “Тошкент” ва “Хўжанд” автовокзаллари кассаларидан сотиб олиш мумкин.
Сафар учун 4,5 соат вақт белгиланган бўлиб, бунга чегара пунктларидан ўтиш вақти ҳам киради.
Автобуслар ва уларнинг йўловчилари НЎПдаги божхона кўриги ва чегара паспорт назоратидан навбатсиз ўтказилиши айтилмоқда.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасидаги халқаро автобус қатновини йўлга қўйиш тўғрисидаги битим шу йил 9 мартида имзоланган.
Икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатнай бошлаши ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.