Сирдарëда тут барги излаб борган фермерлар милиция бошлиғи томонидан калтакланди

Муҳиддин Абдувоҳидов жароҳат излари билан. Сурат 15 май куни олинган.

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида яшовчи, ипак қурти боқаётган тўрт нафар фермер иддаосига кўра, улар тут барги етишмовчилиги боис барг излаб Мирзаобод туманига борганида¸ милиция ходимлари томонидан калтакланган.

Воқеа 13 май куни Мирзаобод тумани Тинчлик маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Бу ҳақда Озодликка гапирган Гулистон туманида яшовчи 27 яшар Муҳиддин Абдувоҳидовга кўра, у беш нафар шериги билан қўшни туманга тут барги излаб борган пайти ушбу воқеа содир бўлган:

- Фермернинг пилла қуртини боқаман. Нафақат бизнинг қишлоқда, балки туманимизда тут қолмаган. Биз Чиноздан бориб тут олиб келаяпмиз, Тошкент вилоятидан. 13 май куни Мирзаобод туманига Баҳром ака деган инсондан илтимос қилиб, гаплашиб, баргини олиб, ўтинини ташлаб кетамиз, деган келишув билан барг гаплашдик, тўртта фермер яна иккита ёрдамчи билан бордик. Кейин бориб, 70 боғ баргни кесдик. Ўзимнинг тракторим тележкасига баргларни ортиб, йўлга чиқдик. Олдимизга бир Дамас келиб тўхтади. “Тут баргини бошқа тумандан келиб, олиб кетишга нима ҳаққингиз бор” деб участкавойни чақиришди. Кейин группани чақирди. Мелисалар бир Дамас бўлиб келишди, деб ҳикоя қилди Муҳиддин Абдувоҳидов.

Сурат 13 май куни воқеа жойида олинган.

Суҳбатдош иддаосига кўра, ўша куни у милиция ходими томонидан калтакланган:

- Начальник мелиса келди-да, “Трактор эгаси ким” деди. “Мен” дедим. Кейин “тракторни ҳайдайсан отделга” деди. Мен “Баргни уйга олиб кетишим керак. Барг йўқлигидан пилла ўлаяпти уйда” дегандим, тепиб, уриб кетди катта кўчада. Кейин қўрққанимдан отделга ҳайдадим. Мелисахонанинг ҳовлисида ичларимга тепиб ташлади, кўкракларимга, бет-оғзим, ҳамма томонга тепиб ташлади. Кейин “Дубинкани олиб чиқинглар,” деди. Дубинкани олиб чиқиб, башарамга урди. Лабим ёрилиб, шишиб кетган ҳозир. Кўкракларим кўкариб кетган, дея иддао қилган Муҳиддин Абдувоҳидов жароҳат излари акс этган суратларни сўзларига илова сифатида жўнатди.

Муҳиддин Абдувоҳидов жароҳат излари билан. Суратлар 15 май куни олинган.

Абдувоҳидовнинг шериги Зокир Ўраловга кўра, у ҳам ўша куни калтак еган:

- Начальник мелиса сўкиб, “Ичкарига олиб кириб, бичиб ташлайман, хотинингни нима қола олмайсан”, деб бир- иккита уят гапларни ҳам гапирди. Бизнинг тракторчи бола Абдувоҳидов Муҳиддинни Мирзаобод туман начальник мелисаси урди. Сўкиб, ҳақорат қилди. Кейин келиб мени урди. Биқинимга тепди. Олд томоним ва орқа томонимга тепди уч марта. Бир марта кўкрагимга урди. Мени дубинка билан урмади. Лекин шеригимни башарасига урди дубинка билан, дея иддао қилди Зокир Ўралов.

Абдувоҳидов ва Ўралов сўзларига кўра, ўша куни улар ИИБидан чиққач, туман касалхонасига мурожаат қилишган, у ерда уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига рухсат берилган.

Тинчлик маҳалласи участка нозиридан олинган маълумотга кўра, ўша куни гулистонлик фермерларни Мирзаобод тумани ҳокимлиги вакиллари ушлаган ва уни чақиришган:

- Туман ҳокимининг махсус қарори бор. Туман ҳудудидаги тут баргларини бошқа жойга чиқармаслик ҳақида. Мен шу қарордан келиб, чиқиб ҳаракат қилдим, дейди участка нозири.

Нозир¸ фермерларнинг милиция бўлими раҳбари томонидан калтакланганига оид иддаоларига¸ бошлиқнинг ўзидан муносабат сўрашни таклиф қилди.

Мирзаобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Элёр Абдуллаев Оздолик мухбирининг фермерлар калтакланиши билан боғлиқ воқеа ҳақидаги саволини эшитиши билан “Аккредитацияси йўқ журналист билан гаплашмайман” деб телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Муҳиддин Абдувоҳидовга кўра, у 15 май куни тушдан кейин Сирдарё вилоят Ички ишлар бошқармасига ариза бериб, Мирзаобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи устидан шикоят қилган. Зокир Ўралов эса ҳозирча бўлиб ўтган воқеа бўйича бирор жойга мурожаат қилмаганини айтди.