Президент Мирзиёевнинг АҚШ сафари якунланди

ВАШИНГТОН — ​Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 17 май куни АҚШ Мудофаа вазирлигига ташриф буюрган. Мирзиёев Пентагонга илк бор қадам ранжида қилди. АҚШ Мудофаа вазири Жим Маттис билан мулоқотда муштарак манфаатлар ва минтақавий масалалар муҳокама қилинган. Томонлар, дея тасдиқламоқда Пентагон матбуот хизмати, Жанубий ва Марказий Осиё, хусусан Афғонистон бобида яқиндан ишлашга келишиб олган.

Вашингтон расмийлари дейдики, шу пайтгача ҳам ҳамкорлик самара берган бироқ энди унинг кўлами ошади. Ҳарбий кўмак, шунингдек, Афғонистондаги халқаро кучларга зарур юк ташиладиган Шимолий Таъминот Тизимида Ўзбекистоннинг роли яна ошади. Бу маълумотни Ўзбекистон томон ҳам тасдиқламоқда. Алоқалар тарихи билан таниш мутахассислар эса бу катта синов, дейди.

2009 йилда ишга тушурилган шимолий тизим ўтган 3 4 йил мобайнида кичрайган эди. Асосий сабаби - халқаро кучлар сонининг камайгани. Бироқ Трамп маъмурияти АҚШ қўшинларига Афғонистонда тинчликка эришиш учун нимаики керак бўлса, етказишни хоҳлайди. Ҳарбий юк асосан Покистондан келади. Шимолий йўналиш эса ноҳарбий маҳсулотлар билан таъминлайди.

Ўзбекистон ва Покистон шу жиҳатлари билан ҳам ўзига хос стратегик аҳамиятга эга, дейди экспертлар. Молиявий масалалар ҳақида оғиз очилмайди. Бугунги учрашувлар ҳам ёпиқ эшиклар ортида кечган ва журналистларга жуда оз ахборот берилган.

Вашингтонга расмий сафарнинг биринчи кунида у Оқ уйда Президент Доналд Трамп билан учрашди. Икки давлат стратегик ҳамкорликнинг янги даврини бошлашга бел боғлаган. Бу борада эълон қилинган қўшма баёнотда хавфсизлик соҳасида шерикликдан тортиб Афғонистонда тинчликни таъминлаш, туб ислоҳотлар олиб боришдан тортиб Америка билан ижтимоий-маданий алоқаларни кучайтириш мақсадлари ҳақида гап кетади.

Бугун Мирзиёев Давлат департаментида янги бош дипломат Майк Помпео билан учрашди. Бу ташриф ҳам Ўзбекистон раҳбари учун биринчиси. Давлат котиби билан ҳам у стратегик ҳамкорликнинг янги кўриниши қандай бўлиши хусусида гаплашган.

АҚШ Ўзбекистонда ислоҳотлар жадалллашишини истайди ва бу йўлда ёрдам беради, дейди дипломатлар. Тошкентдан келган делегация вакиллари Вашингтонда қаерда сўзламасин, демократик ва қонун устувор тизим устида иш кетмоқда, дея қайд этди.

Мирзиёев бугун ватанга қайтиши олдидан АҚШ Конгресси аъзолари билан ҳам кўришган. Қонунчилар Ўзбекистон билан барча мақсадлар юзасидан ҳамкорлик учун зарур маблағ ажратиш, шунингдек, ҳарбий кўмак таклифини кўриб чиқишда асосий рол ўйнайди. Йил охирига бориб, Конгресс аъзолари янгиланади. Ноябр ойида сайлов.

Ўзбекистон раҳбари Жаҳон банкига ҳам борган. Қуйи фоизда қарз бериб, тараққиётга кўмаклашадиган бу орган республикадаги фаолиятини кенгайтирмоқда. Айниқса қишлоқ хўжалиги йўналишида банк юзлаб миллион доллар ажратгани маълум. Президент Мирзиёев назарида Ўзбекистоннинг ривожланишида Жаҳон банки ва Халқаро Валюта Фондининг ўрни жуда юқори.

Мирзиёев шу пайтгача Жаҳон банки қароргоҳида бўлмаган эди. Илк ташрифида у ташкилот раҳбари Жим Ён Ким билан Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва банк бу борада қандай ёрдам кўрсатиши мумкинлиги ҳақида гаплашган.

Ким дейдики, Ўзбекистон ўзининг яксак орзуларига ета олади.

Банк тизимлари республикага эксперт ва молиявий кўмак етказишни давом эттиради, дейди у. Ўтган бир йıл мобайнида илдам қадамлар ташланди - валюта бозори эркинлаша бошлади; савдо ва инвестиция йўлидаги тўсиқлар олиб ташланмоқда; хусусий сектор учун имкониятлар кенгайиб, экспорт кўлами ошмоқда.

Жаҳон банки мана шу хулосасига асосланиб, Ўзбекистон тўғри йўлдан кетмоқда, дея таъкидлайди.

"Қўрқмай олдинга интилавериш керак", дея ундамоқда Ким.

Бу ҳафта Ўзбекистон ва АҚШ орасида қаирйб 5 миллиард долларга тенг бизнес келишувлар имзоланган. Мирзиёев буни олқишлар экан, сармоя оқими кенгаяди, деган умид кучли. Иқтисодий муҳитни яхшилаш учун чора кўрилаётганини таъкидлаб келаётган Ўзбекистон ҳукумати Вашингтонда техник мадад ошишини ҳам хоҳлайди. Учрашувларда бу борада ҳам гап кетган ва Америка томонга кўра, Ўзбекистоннинг турли вазирликларининг раҳбарлари ва мутахассислари билан мулоқот бошланган.