Андижон вилоятига сафар қилаётган президент Шавкат Мирзиёев Улуғнор туманида вилоят раҳбарлари ва фаоллари билан ўтган йиғилишда собиқ бош прокурор Рашиджон Қоидровни тилга олди.
Йиғилишда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, президент 2-3 ой ичида собиқ бош прокурор телевидениега олиб чиқилишини айтган.
"Мана, Бош прокурор (собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров назарда тутилмоқда - Kun.uz таҳририяти изоҳи.) бутун бошли жамоаси билан қамоқда ётибди. Миллион-миллион доллар топшириб ётибди. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман. Битта ноинсоф ўғли миллиардер!" дея президентдан иқтибос келтирди нашр.
Президент Шавкат Мирзиёев 19-20 май кунлари Андижон вилоятига сафар қилмоқда.
Озодлик гаплашган бир қатор андижонлик мулозимлар, президент сафари давомида андижонликлар томонидан кутилаëтган катта воқеа – шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг ишдан олиниши эканини айтмоқда.
Аммо, сўконғичлиги билан танилган шаҳар ҳокимининг ишдан олингани ёки унга бирор чора кўрилгани ҳақида ҳозирча Озодликда бирор маълумот йўқ.