Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 21 май куни эълон қилинган янги қарорига мувофиқ¸ мамлакатга АҚШнинг глобал тармоққа айланган McDonald’s, Starbucks ва Burger King ширкатлари таклиф этилади.
15 май куни қабул қилинган “Чорвоқ” эркин туристик зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган ҳукуматнинг 365-сонли қарорига ëзилган иловада “жаҳондаги етакчи меҳмонхона тармоқлари¸ умумий овқатланиш тармоқлари брендлари ва бошқа брендларни жалб қилиш” топширилган. Бу топшириқни ижро этиш Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раислари ҳамда Тошкент вилояти ҳокими зиммасига юкланган.
Қарор ва унинг иловасида бу брендлар номи аниқ келтирилмаган бўлса-да¸ “Халқ сўзи” газетаси McDonald’s, Starbucks ва Burger King каби фаст-фуд (fast food) ресторанлар тармоғининг Ўзбекистонга таклиф этилганини ëзди.
“Қарорга кўра, 2019 йилнинг январига қадар ЭТЗ ҳудуди халқаро талабга мос келиши учун дунёнинг машҳур овқатланиш тармоқ брендлари — McDonald’s, Starbucks, Burger King, KFC кабилар мазкур ҳудудда иш бошлаши керак¸” деб ëзди Халқ демократик партияси нашри бўлган “Халқ сўзи” газетаси жумладан.
Маҳаллий матбуотга кўра¸ жорий йил охиригача Тошкентда АҚШнинг фаст-фуд тармоқларидан бири KFC (Kentucky Fried Chicken) ресторанининг биринчи франшизаси очилиши кутилмоқда.
Айни пайтда¸ Тошкент расмий тизимларининг номлари келтирилган фаст-фуд тармоқлари билан музокара бошлаган-бошламаганига оид маълумот йўқ.