Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 24-25 май кунлари мамлакатнинг барча йирик шаҳарларида “Китоб байрами” тадбирини уюштирмоқда.
Агентлик матбуот хизмати хабарига кўра, тадбир президент Ш.Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаяпти.
Икки кун давом этадиган тадбир доирасида Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларида нашриётлар, ижодий уйлар ҳамда матбаа корхоналари томонидан китоб ва китоб маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилиши, “Намунали китоб дўкони” танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилиши кўзда тутилган.
“Китоб байрами” кунларида мушоиралар, адабий учрашувлар, “Энг яхши китобхон оила”, “Энг яхши китобхон”, “Ёш китобхон” каби совринли викториналар ҳам ўтказилиши айтилмоқда.