Эрон президенти: Аёлларнинг стадионларга киришига рухсат берилиши керак

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний аёлларни стадионга киритмасликка оид чекловни бекор қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда президент маъмурияти билдирди.

Президент маъмурияти билдирувига кўра, 22 май куни ўз офисида эронлик спортчилар билан учрашган Руҳоний:

- Исломда эркаклар ва аёллар ўртасида фарқ бўлмаслиги керак, шу сабабли аёлларга спорт тадбирларида иштирок этиш имкони берилиши керак, - деган.

Эронда 1979 йилги исломий инқилобдан бери аёллар стадионларга киритилмай келади.

Руҳоний нима учун дин уламолари аёлларни ўйинлардан четлатгани ҳақида сўрар экан, эронлик аёл спортчилар мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келаётганини таъкидлаган.

Президент диний уламоларнинг аёллар эркак томошабинларнинг бақириш ва сўкинишларини эшитмаслиги кераклиги ҳақидаги аргумент асоссиз эканлиги айтган:

- [Эркаклар сўконғич бўлса], бунинг учун аёллар жавобгарми? Ҳақиқий Ислом аёлларга ижтимоий тадбирларда қатнашишни ман қилмайди. Исломда аёллар уйда ўтирсин, деб умуман айтилмаган. Аёллар ҳижоб билан ҳар қандай ижтимоий тадбирда қатнаша олиши айтилган.

Президент, шунингдек, аёллар иштирокидаги спорт мусобақалари телевидение орқали кўрсатилиши кераклигини айтган.