“Неврология” журналида чоп этилган улкан тадқиқотда айтилишича, кунига 3 порция ёғи олинган сут маҳсулотларини истеъмол қилиш 1 порция истеъмол қилгандан кўра Паркинсон касалининг ривожланиш хавфини кўпайтирар экан.
Шунингдек, кунига ёғи кам ёки қаймоғи олинган сутни 1 порциядан кўп истеъмол қилиш ҳафтасига 1 порциядан кам сут ичишга нисбатан Паркинсон касали ривожланиш хавфини ошириши маълум бўлди.
Тадқиқот натижалари сут маҳсулотлари Паркинсон касаллигини келтириб чиқаришини англатмайди – фақат боғлиқлик бор экан.
- Тадқиқотимиз сут маҳсулотлари ва Паркинсон касаллигининг энг йирик таҳлили бўлди, - дейди Бостон шаҳрининг Т.Ҳ.Чан номидаги Ҳарвард соғлиқни сақлаш мактаби ходими, фан доктори Кэтрин С. Ҳюз. - Тадқиқот натижалари ёғи олинган сут маҳсулотларини кўп истеъмол қилиш билан Паркинсон касаллиги ривожланиши ўртасида, бир оз бўлса-да, боғлиқлик мавжудлигини кўрсатмоқда.
Мутахассислар тадқиқот ўтказиш учун “Ҳамшираларнинг саломатлиги тадқиқоти”да қатнашган 80 минг 736 нафар аёл ва Соғлиқни сақлаш соҳасида ишловчи мутахассисларнинг назорат тадқиқоти”да иштирок этган 48 минг 610 нафар эркакнинг тахминан 25 йиллик маълумотларини таҳлил қилиб чиқди.
Ушбу тадқиқотларда қатнашган иштирокчилар ҳар икки йилда соғлиқни сақлашга ва ҳар тўрт йилда парҳезга оид сўровномаларни тўлдириб борди.
Ўша вақт мобайнида 1036 киши Паркинсон касаллигига чалинди. Тадқиқотчилар улар қайси сут маҳсулотлари, жумладан, сут, қаймоқ, пишлоқ, йогурт, музқаймоқ, сариёғ, маргарин ва мевали музқаймоқ истеъмол қилганини текшириб борди.
Сўнгра улар ёғи олинмаган сут маҳсулотлари, жумладан, сут Паркинсон касали келиб чиқишига боғлиқ ёки эмаслигини аниқлади; боғлиқлик йўқ экан.
Аммо кунига 3 порциялик ёғи олинган сут маҳсулотлари истеъмол қилган кишиларда кунига фақат 1 порциялик сут маҳсулотлари истеъмол қилган кишиларга нисбатан 34 фоиз кўп Паркинсон касаллигининг ривожланиш эҳтимоли мавжудлиги аниқланди.
Тадқиқотчиларга кўра, мевали музқаймоқ ёки музлатилган йогурт ейиш ҳам касаллик кам ривожланиши билан боғлиқ экан. Мета-таҳлилдан маълум бўлишича, умуман, сут маҳсулотлари истеъмол қилиш Паркинсон хасталиги хавфи ошишига сабаб бўлар экан.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Паркинсон касаллиги билан хасталаниш эҳтимоли бундай ҳолатларда жуда паст бўлди. Кунига 3 порция сут маҳсулотлари истеъмол қилган 5830 кишидан, бор-йўғи, 60 киши ёки 1 фоизи тадқиқот ўтказилган даврда Паркинсон касаллигига чалинди.
Таққослайдиган бўлсак, кунига 1 порция ёғи олинган сут маҳсулотлари истеъмол қилган 77 минг 864 кишидан 493 киши, яъни 0,6 фоизи Паркинсон касаллиги билан хасталанган.
- Ёғи олинган сут маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш билан Паркинсон касаллигига чалиниш ўртасида, оз бўлса-да, боғлиқ мавжуд экан, - дейди Ҳьюз.
Шу билан бирга Паркинсон касаллигининг дастлабки белгилари парҳез сақлаш билан боғлиқ ҳаракатларга ва тадқиқот сўровномаларига жавоб берган иштирокчиларга таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.
Сут маҳсулотларини истеъмол қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан олдин қўшимча тадқиқот ўтказиш талаб этилади.