Бўрон туфайли маҳаллий ва халқаро парвозлар 4,5 соатга кечикди

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" самолëтлари.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг “Тошкент-Урганч-Москва” йўналишидаги рейси 27 май куни қум бўрони сабабли 4,5 соатга кечиктирилди.

Ширкатнинг билдиришича, Тошкентдан Урганч орқали Москвага учаётган НУ-55 рейси пойтахтдан маҳаллий вақт билан соат 10:00да учган. Бироқ самолёт бўрон оқибатида Урганчга бора олмаган ва Бухоро аэропортига қўнишга мажбур бўлган.

Бундан ташқари қум бўрони оқибатида “Тошкент-Урганч-Бухоро” рейси Нукусдаги заҳира аэродромидан амалга оширилган. Бу рейс ҳам 4,5 соатга кечиккан.

Якшанба куни Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларида бўрон юз берди. Ўзгидрометга кўра, мамлакатнинг шимоли-ғарбидан секундига 20 метр тезликда эсган кучли шамол қум-туз тўзонини олиб борган.