Қум ва туз бўрони Урганчда нафас олишни қийинлаштиргани хабар қилинди

Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида 26 май куни юз берган ёмғир аралаш туз бўрони 27 май куни Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрига етиб келган.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, Урганч аҳолиси нафас олиш қийинлашганидан шикоят қилмоқда. Одамларга ниқоб тақиб юриш тавсия қилинган.

“Тахминларга кўра бу бўрон шимолдан Қозоғистон орқали келган бўлиши мумкин. Шунингдек, кейинги икки ой мобайнида ушбу ҳудудлардаги каналларга сув етиб бормаслиги оқибатида ердан туз кўтарилгани айтилмоқда”, дейилади хабарда.

Маълумотда айтилишича, мазкур ҳудудда март ойида ҳам туз бўрони кўтарилган ва экинларга зарар етказилган эди. Туз бўрони ортидан ҳудудда жорий йилги деҳқончилик катта фалокат ёқасида қолган.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, бўрон Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларида кузатилган.

Ўзгидромет ташкилотига кўра, мамлакатнинг шимоли-ғарбидан секундига 20 метр тезликда эсган кучли шамол қум-туз тўзонини олиб борган.