Ўзбекистон паспортлар индексининг навбатдаги йиллик рейтингида 6 поғонага кўтарилди ва 76-ўринни эгаллади.
Henley & Partners ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботда 200дан ортиқ давлат ўрин олган. Мамлакатлар рейтингда фуқаролари визасиз бориши мумкин бўлган давлатлар сонига қараб жойлаштирилади.
Янгиланган рейтингда белгиланишича, Ўзбекистон фуқароларга 59 давлатга визасиз бориши мумкин. Улар асосан Боливия, Эквадор, Никарагуа, Уганда, Мадагаскар каби учинчи дунё давлатларидир.
МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткич Украинада бўлиб, бу давлат рейтингдаги 38-ўринни эгаллаб турибди. Украина фуқаролари 128 давлатга визасиз боришлари мумкин.
Ўтган йилги рейтингда биринчи ўринни эгаллаб келган Германия ўрнини жорий йилда Япония эгаллади. Ушбу давлат фуқаролари 189 мамлакатга визасиз бориши мумкин.
Иккинчи ўрин Германия ва Сингапурда (188 мамлакат), учинчи ўринни эса Финляндия, Франция, Италия, Швеция, Испания, Жанубий Корея (187 мамлакат) бўлишмоқда