Қозоғистон Хитойдан қамалган этник қозоқларни озод қилишни сўради

Шинжон-Уйғур мухторияти харитаси.

Қозоғистон Хитойдан икки фуқароликка эга бўлгани учун қамалган этник қозоқларни қамоқдан озод қилишни илтимос қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, ўтган ҳафтада Хитой пойтахти Бейжинда икки давлат ташқи ишлар вазирликларининг консуллик департаменти раҳбарлари музокара ўтказган. Музоқараларда Хитойдан келиб, Қозоғистонда фуқаролик олган этник қозоқлар масаласи муҳокама этилган.

Аввалроқ Хитойда қозоқлар босимга учраётгани, босимдан қочиб Қозоғистон фуқаролигини олгач ўз уйларига қайтган этник қозоқларни Хитой ҳукумати “сиёсий тарбия бериш” лагерларига қамаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган Озод Осиё радиосига кўра, январь ойида биргина Қашқар шаҳрида қайта тарбиялаш марказларида 120 мингдан зиёд одам ушлаб турилган.

АҚШ Давлат департаменти Хитойда юзага келган бундай вазиятдан ташвиш билдирган эди, бироқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотларни тан олмаган.