29 май куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz сайти хабар қилди.
"Яна бир муҳим масала - маҳаллий бюджетга тушум ҳажми. Давлат солиқ қўмитаси раҳбарини (Ботир Парпиев - таҳр.) алмаштирганим бежиз эмас, сабаби бизда солиқ тизими йўқ. Ҳали иш кўп. Солиқда ҳам кўп ўйинлар бўлгани, раҳбарияти қандай ишлар билан шуғулланганидан ҳайрон қолдим. Ҳали уни ҳам халқимизга етказамиз"-.деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг айтишича, мамлакат солиқ тизимининг коррупциялашув даражаси жуда юқоридир.
"Солиқчининг савияси йўқ, десак, бу ҳам адолатдан бўлади. Шунинг учун бугун топшириқ бердим, тегишли қарор тайёрланади, ҳаммасини нолдан бошлаш керак - солиқ тизимидаги Академияни ҳам, бошқасини ҳам. Қуйи поғонадаги солиқчилар нима қилиш керак, қандай ишлаш кераклигини билмайди. 70 фоизи коррупция билан боғлиқ, мана шуни ҳамма билиши керак», - деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг яқин қариндошларидан 4 киши 27, 28 май кунлари ишдан олингани тўғрисида Озодлик хабар қилди.
Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасини сўнгги 14 йилда бошқариб келган келган 72 яшар генерал Ботир Парпиев жорий йилнинг 11 майида Президент Мирзиёев томонидан ўз вазифасидан бўшатилиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси этиб тайинланган эди.