Президент Шавкат Мирзиёев 29 май куни ўтган видеоселектор йиғилишида Жиззах ва Сирдарёда хоразмликлар ҳамда қорақолпоғистонликларга шоли эктириш ҳақида кўрсатма берди.
"Қорақалпоғистон ва Хоразмдан одам олиб келиб, Жиззах ва Сирдарёда шоли эктирамиз, чунки бу одамларга керак",- деган президент.
Шу мақсадда сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятида 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятида 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун берилади.
Айни пайтда сув танқис бўлган вилоятларда шоли экиладиган 162 минг гектар ер 94 минг гектарга қисқартирилади.
Йиғилишда сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди.