Давлат департаменти диний эркинликларга оид янги ҳисоботини эълон қилди

Қўшма Штатлар Давлат департаменти эълон қилган дин эркинлигига оид навбатдаги ҳисоботда виждон эркинлиги Россия, Эрон, Афғонистон ва Покистон каби давлатларда энг кўп ва қўпол равишда бузилаётгани қайд этилди.

Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон ва Туркманистондаги вазият ташвиш уйғотаётгани таъкидланмоқда.

-Тожикистонда балоғатга етмаган болаларга ҳар қандай диний фаолиятда иштирок этишни тақиқлаш давом этмоқда. Туркманистонда эса давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб ибодат учун йиғилган одамлар қўлга олинмоқда, ҳибс қилинмоқда ва босимга учрамоқда,- деди Давлат департаменти расмийси Сэм Браунбек 29 май куни Вашингтонда ўтган ҳисобот тақдимотида.

Ҳисобот муаллифлари Россияда суд томонидан экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган Иегова гувоҳларига нисбатан босимлар кучайгани ва қрим-таратарларнинг диний ҳуқуқлари бузилаётганига эътибор қаратган.