БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажлисида Россия Украина осмонида “Малайзия ҳаво йўллари” авиакомпаниясига тегишли самолётнинг уриб туширилишини тан олиш борасидаги талабни рад этди.
Нью-Йоркда 29 май куни бўлиб ўтган мажлисда Нидерландия ташқи ишлар вазири Стеф Блок Москвага мурожаат қилиб Халқаро Тергов гуруҳининг хулосаларини қабул қилишга чақирди.
"Россия билан гаплашаётганда кимдир ультиматумлардан фойдаланиши керак эмас, – деди Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя. – Биз Халқаро Тергов гуруҳининг асоссиз хулосаларини тан ололмаймиз".
Бундан аввал Минскда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров фожиани тергов қилиш ҳамон якунланмаганлигини маълум қилган эди, "бу босқичда Россия томони товон масаласида Австралия ва Нидерландия билан музокараларга киришиши борасида розилик билдириши керак". Унинг айтишича, бу "русофобияга ўйнаш истаги" ва "жамоатчилик эътиборини чалғитишдир".
25 май куни Нидерландия ва Австралия Россияни расман Малайзияга тегишли "Боинг"нинг Донецк осмонида 2014 йилги ҳалокатида айблаб чиқди. Шунингдек НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва Европа Иттифоқи расмийлари ҳам баёнот билан чиқди: улар Россияни самолёт ҳалокатида маъсулиятни тан олишга чақиришди.
"Малайзия ҳаво йўллари"нинг Нидерландиядан Малайзияга парвоз қилаётган МН17 рейси 2014 йил 17 июль куни Донбасс осмонида ҳалокатга учради. 298 киши ҳалок бўлди, уларнинг 200дан ортиғи Нидерландия фуқаролари эди.
"Малайзия ҳаво йўллари” самолётининг 2014 йил Украинадаги ҳалокатини ўрганаётган Халқаро Тергов гуруҳи (JIT), 24 май куни баёнот бериб, "Бук" мажмуаси РФ ҚКнинг 53- бригадасига тегишли эканлигини билдирди. JIT терговчилари буни қандай қилиб аниқлаганликлари акс этган роликни намойиш қилинди.