"Ўзавтосаноат" АҚШнинг General Motors ширкати билан Ўзбекистондаги иккита автомобиль заводининг америкаликларга тегишли улушини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 31 май куни “Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси Умиджон Салимов билдирди.
Расмийга кўра, музокаралар Асакадаги автомобиль заводи ва Тошкентдаги GM Powertrain Uzbekistan автомобиль двигателлари заводи улушлари юзасидан ўтказилмоқда.
Умиджон Салимов General Motors ҳозирда Асака заводининг 10 фоиз, GM Powertrain Uzbekistan заводининг 70 фоиз акцияларига эгалик қилаётганини таъкидлади. Акциялар тўлалигича сотиб олингач, заводларнинг номлари ҳам ўзгартирилиши режалаштирилмоқда.
"Заводни сотиб олиш бўйича музокаралар якунловчи босқичда, бир нечта юридик жиҳатлар қолди холос. Яқин икки-уч ой ичида музокара жараёни якунланади, кейин акцияларни харид қилишни бошлаймиз", — деб билдирди Салимов.