Данияда паранжи турлари бўлган ниқоб ва бурқа кийиш тақиқланди

Даниядаги мусулмон аёллар.

Дания парламенти жамоат жойларида одам юзини тўсувчи кийимлар кийишни¸жумладан, паранжининг турлари ҳисобланадиган ниқоб ва бурқани таъқиқлади.

1 августдан кучга кирадиган бу қонунни бузганларга 160 доллар миқдорида жарима солинади. Тақиққа такроран амал қилмаганларга жарима миқдори 10 баробар кўпайтирилади. Мазкур қонун Дания фуқароларигагина эмас, балки хорижлик сайёҳларга ҳам тегишлидир.

“Amnesty International” ташкилоти бу қонун мусулмон аёлларнинг ҳуқуқларини бузишини такидлаб,қонунни танқид қилди.

Даниянинг “The Local” газетасининг ёзишича, полиция ниқоб ва бурқа кийганларнинг кийимларини мажбурий тарзда ечтирмайди. Бундай кийимдаги одамларни полиция уйига кириб кетиш тўғрисида огоҳлантиради. Уйи узоқроқда бўлган одамлар эса полиция бўлимига олиб кетилади. У ердан ниқоблиларни қариндошлари олиб кетишлари шарт бўлади.

Расмийлар мазкур қонун диний кийимлар, жумладан, ҳижоб кийиб юришни тақиқламаслигини билдирмоқда.

Австрия, Бельгия, Францияда, шунингдек, Швейцария, Испания ва Канаданинг айрим вилоятларида юзни тўсувчи кийим кийиб юриш тақиқланган.