Инновация вазирлиги туз бўрони зарарини йўқотиш учун синов ўтказмоқда

Қорақалпоғистонда экинларнинг туз бўронидан кейинги аҳволи

Инновацион ривожланиш вазирлиги махсус гуруҳи Хоразм вилоятига сафарбар этилди.

Вазирлик сайтида хабар қилинишича, бир гуруҳ эксперт ва олимлар ўтган ҳафта вилоятда юз берган қум ва туз бўрони зарарини йўқотиш учун синов бошлаган.

Айтилишича, вилоятнинг Хонқа туманида маҳаллий фермерлар билан учрашган экспертлар «Биосолвент» ва «ДАГ-1» номли препаратларни таклиф қилган.

"Таъкидлаш лозимки, мазкур препаратлар ўзбек олимлари томонидан яратилган. Полимер композицияли «Биосолвент» кам миқдорда сувдан фойдаланган ҳолда тупроқни зарарли ионлар ва заҳарли ва эриши қийин бўлган тузлардан тозалаш хусусиятига эга. Ўсимликларга пуркаладиган ДАГ-1 препарати эса биологик фаол модда бўлиб, ўсимликларнинг иммун механизмларини рағбатлантириш ва бошқариш орқали патогенларга чидамлилигини оширади", деб хабар қилди вазирлик.

Шунингдек, қум-туз бўронидан зарар кўрган тупроқ ва ўсимликлардан тадқиқот учун намуналар олинган.