Тожикистон тухум импортини тақиқлади

“Тожикстандарт” агентлигига кӯра, мамлакатда керакли даражада тухум ишлаб чиқарилиб, хорижий давлатлардан тухум келтиришга зарурат қолмаган.

Статистик маълумотларга кўра, охирги икки йил давомида мамлакатда тухум импорти жуда пасайиб, 2016 йилги 1000 тоннадан 2017 йили 40 тоннага қадар камайган.

Жорий йил апрелида “Тожикстандарт” агентлиги мамлакатга ташқаридан сифатсиз тухум келтирилаётганлиги баҳона қилиб, қӯшни Ӯзбекистондан Тожикистонга тухум келтиришни тақиқлаганди.

2018 йил мартида Тожикистон ва Ӯзбекистон ӯртасида визасиз борди-келди бошланиши ортидан қӯшни давлатдан Тожикистонга арзон тухум, мева, гурунч ва бошқа маҳсулотлар ӯта бошлади.

Натижада, бир қути тухумнинг нархи Душанбе бозорларида 27 сомонидан 17 сомонийгача пасайди.

Ушбу чеклов ортидан тухумнинг нархи Тожикистон бозорларида яна ошиб кетди.

Олдин Россия, Ҳиндистон ва Эрондан Тожикистонга тухум импорти тақиқлаган эди.

Ӯтган йили “Тожикстандарт” агентлиги Эрондан келтирадиган товуқ гӯштини ҳам “сифатсиз ва стандартларга жавоб бермаслиги” сабабли мамлакат бозорига киритмаган эди.

Маҳалий таҳлилчиларнинг фикрича, соғлом рақобатга чидолмайдиган Тожикистондаги монополист тухум ишлаб чиқариш корхоналари талаблари ортидан “Тожикстандарт” агентлиги мамлакатга тухум келтиришни тақиқлаган.