Онлайн ҳамёнларни банкомат ёки инфокиосклар орқали тўлдириш тизими ишга туширилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда бир ой ичида WebMoney, PayPal, "Яндекс.Деньги" ва Qiwi онлайн ҳамёнларни нақд пул ёки карта воситасида банкоматлар ёки инфокиосклар орқали UzCard ҳисоб рақамидан тўлдириш тизими ишга тушади.

"Народное слово" газетасининг билдиришича, ҳозирги кунда Asia Alliance Bank мазкур тизимлардаги тўловларни амалга оширишга хизмат қиладиган UzCard банкоматлари учун ишлаб чиқарилган дастурни синовдан ўтказмоқда.

Умумреспуплика Ягона процессинг маркази директори Ахрор Махмудовга кўра, ўзбекистонликлар авваллари WebMoney, PayPal, "Яндекс.Деньги" ва Qiwi тизимига тўғридан-тўғри тўловларни амалга оширишнинг иложи йўқлиги туфайли учинчи шахслар хизматларидан фойдаланишга мажбур бўлишган.

Расмийнинг билдиришича, бугунги кунда онлайн ҳамёнларга пул қўйиш учун комиссия 9 фоизни ташкил қилади. Лекин махсус дастур ишга тушганидан сўнг комиссия 1 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.