Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Женгиз Комил Фират Балиқчи шаҳрида “Себат/Сапат” мактабининг очилишига норозилик билдирди.
Элчи 6 июнь куни “бу ҳолат турк президенти Режаб Тоййип Эрдўғоннинг Қирғизистонга режалаштирилаётган сафарига салбий таъсир қилиши мумкин”, деб айтган.
Туркия ҳукумати 2016 йилдан бери Қирғизистондан Анқара 2016 йилнинг 15 июлида муваффақиятсиз тугаган давлат тўнтаришини уюштирганликда айблаётган уламо Фатҳулла Гуланга алоқадор экани айтиб келинган “Себат/Сапат” мактабларини ёпишни талаб қилиб келади.
Бундан икки йил аввал Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Фатҳулло Гулан тарафдорларини мамлакатдан бадарға қилишга рози бўлмагани ортидан Анқара ва Бишкек муносабатларига совуқчилик оралаган эди.
Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 9-10 апрель кунлари Анқарага давлат ташрифи билан борган Қирғизистоннинг янги президенти Сўўрўнбай Жээнбековни ҳам Бишкекдан бошпана топган гуланчиларга қарши курашга чақирган эди. Эрдўғоннинг бу чақириғи жавобсиз қолдирилган.
Қирғизистонда 1992 йилдан бери фаолият юритиб келаётган “Себат/Сапат” мактабларида бугунги кунда 11 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги турк элчисининг баёнотига ҳозирча муносабат билдирмади.