Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси расмий сайтида “Вақф” хайрия жамоат фондига диндорлардан келиб тушган маблағ тўғрисида ҳисобот берилди.
Расмий маълумотда айтилишича, 25 майдан 5 июнгача фондга 18 049 841 сўм келиб тушди. Шундан 1 870 997 сўм хайрия, 15 594 914 сўм закот, ушр, фитр ва фидя, 583 930 сўм вақф учун берилган пуллардир.
“Фонд Payme, Click MBank тўлов тизимларига улангандан кейин келиб тушаётган маблағлар аввалги кунларга нисбатан ўсган”, дейилади хабарда.
Озодлик радиоси 5 июнь куни Click ширкати “Вақф” фонди билан ҳамкорликда хайрия, вақф, закот, фитр, ушр, фидя тўловларини Интернет ва уяли алоқа тизими орқали амалга ошириш тизимини ишга туширгани тўғрисида хабар берганди.
Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида ташкил этилган "Вақф" хайрия жамоат фонди масжидларни, зиёратгоҳларни ва бошқа объектларни таъмирлаш, диний соҳа ходимларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби фаолият билан шуғулланади.