Қирғизистон Олий суди уч нафар мухолифатчининг қамоқ муддатларини қисқартирди

Кубаничбек Кадиров, Бектур Асанов ва Эрнест Карибеков.

Қирғизистон Олий суди ҳокимиятни босиб олишга уринганликда айбланиб узоқ муддатларга қамалган уч мухолифатчига нисбатан билдирилган айбловни ўз кучида қолдирди, бироқ уларнинг қамоқ муддатларини қисқартирди.

7 июнда эълон қилинган ҳукмга асосан Бектур Асанов ва Кубаничбек Кадировга нисбатан аввалги инстанция чиқарган 12 йиллик қамоқ жазоси 8 йилга алмаштирилди.Эрнест Карибековга чиқарилган 20 йиллик қамоқ ҳукми 6 йилга қисқартирилди.

Мухолифатнинг бу уч лидери 2016 йилнинг мартида Интернетда ҳокимиятни босиб олиш режаси муҳокама қилинган аудиоёзув пайдо бўлгани ортидан қамоққа олинган эди. Махсус хизматлар аудиоёзувдаги овозлар Бектур Асанов, Кубаничбек Кадиров ва Эрнест Карибековга тегишли эканини иддао қилган.

Бектур Асанов қамоққа олинишидан олдин Озодлик радиоси қирғиз хизматига аудиоёзув соҳталаштирилганини ва Интернетга “мухолифатни шантаж қилиш мақсадида” жойлаштирилган, деб ҳисоблашини айтган.

Уч мухолифатчига нисбатан Бишкек шаҳар суди 2018 йилнинг февралида ҳукм чиқарган эди.