Ички ишлар вазирлиги нашрида прописка тизими Конституцияга зид экани қайд этилди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий нашрида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги прописка тизими Конституцияга зид экани қайд этилди (“Постда”, 2 июнь). Хусусан, тошкентлик Мурод Эрназаров прописка тизими Конституциядаги фуқароларнинг исталган ҳудудда яшаш ҳуқуқига зид эканини таъкидлаб, вазирлик расмийларидан доимий пропискага оид чекловлар қачон йўқотилишини сўраган. ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Ф.Турсунов ушбу саволга жавоб бераркан, прописка тизими Конституцияга зид экани ҳақидаги фикрни рад этмаган. Миграция расмийсига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш режалаштирилмоқда. Вазирлик расмийси прописка тизими бутунлай бекор қилиниши масаласига тўхталмаган.