Тоҳир Жалилов Хитой билан 10 минг тонна гилос экспортига шартнома имзолади

Тоҳир Жалилов Хитойнинг Industrial Co LTD ширкати раҳбари билан,

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” ширкати бошқарув раиси Тоҳир Жалилов Хитойнинг Industrial Co LTD ширкати билан музокара ўтказиб, 10 минг тонна гилос экспортига келишган.​

Ширкат сайтида хабар қилинишича, гилосдан ташқари, Хитойга 3 минг тонна мағиз ва 2 минг тонна ёнғоқ экспорт қилиш бўйича ҳам ҳужжат имзоланган.

Расмий хабарда айтилишича, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ширкати раҳбарияти Хитой томонини ўзбек гилосига қўйган тақиқни бекор қилишга кўндирган.

"Бугунга келиб “Ўзагроэкспорт” АЖ хитойлик хамкорларимизга 22,4 млн$ (23 500 тонн) долларлик мош экспортини амалга оширишди", дейилади хабарда.

Ўтган ойда Ўзбекистон мева-сабзавотлари экспортидаги асосий манзил Россиянинг "Россельхознадзор" ташкилоти Ўзбекистондан олиб борилган 23 тонна гилос ва 17 тонна ўрикни маркировдаги маълумотлар фитосанитария ҳужжатидаги маълумотларга мос келмади, деган сабаб билан қайтариб юборганини маълум қилган эди.