"Ўзбеккино" Қирғизистон билан ҳамкорликда кино олмоқда

"Дилбарим" фильмида рол ижро этувчи қирғиз ва ўзбек актёрлари: Мадина Талипбек, Адиз Ражапов, Элина Абай қизи ва Улуғбек Қодиров.

“Ўзбеккино” Қирғизистоннинг “Дан” продюсерлик маркази билан ҳамкорликда Чингиз Айтматовнинг “Дилбарим” қиссаси асосида бадиий фильмни суратга олади.

“Дан” продюсерлик марказининг раҳбари Паризат Жакипбекова 11 июнь куни “Озодлик” радиоси қирғиз хизматига “Дилбарим” фильмни суратга олшиш ишлари 20 июндан бошланишини билдирди.

Перизат Жакипбекова фильмда Илёс ва Бойтемир ролини ўзбек актёрлари, Асел ва Хадича ролини қирғиз актрисалари ижро этишини айтди.

-Илёснинг ролини Адиз Ражапов, Бойтемир ролини Улуғбек Қодиров, Асел ролини Мадина Талипбек, Хадича ролини Элина Абай қизи ижро этади, - деди Паризат Жакипбекова.

Фильм эпизодларини Тошкентда, Наманганда, Қамчиқ довонида ва Қирғизистоннинг Балиқчи шаҳрида суратга олиш режалаштирилган. Фильмнинг режиссёри ўзбекистонлик Сарвар Каримов, сценарий муаллифи қирғизистонлик Керез Зарлиқова. Фильм премьераси Чингиз Айтматовнинг таваллуд куни - 12 декабрда бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

Кинони суратга олиш ташаббусини Қирғизистон кўтарган. Ҳар бир давлат кинода иштирок этаётган ўз фуқароларига гонорар ва иш ҳаққи тўлашни зиммасига олган. Паризат Жакипбековага кўра, Ўзбекистон президенти кинонинг суратга олинишини қўллаб-қувватламоқда.