Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни ЮНЕСКО рухсатисиз таъмирлаш тақиқланди

Хивадаги “Ичан-қалъа”.

Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объекти, Бухоро ва Шаҳрисабз тарихий марказлари ҳамда Чотқол биосфераси муҳофазаси кучайтирилади.

Бу борада Вазирлар Маҳкамаси “ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 435-сонли қарорни 2018 йилнинг 9 июнида қабул қилди.

Қарорда айтилишича, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида кенг кўламда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришда Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция ва уни амалга ошириш бўйича амалий қўлланма қоидаларига риоя қилинмаган.

Қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳаси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан аввалдан келишилмаган. Бунинг оқибатида Умумжаҳон мероси қўмитаси 40-сессиясида Шаҳрисабз тарихий маркази 2016 йилда Умумжаҳон меросининг хавф остидаги объектлар рўйхатига киритилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қарорда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш назарда тутилган. Бундан ташқари қарор билан ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини амалга ошириш бўйича 26 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” ва Бухоро тарихий маркази ва уларнинг муҳофаза ҳудудидаги барча капитал қурилиш ишлари, уларнинг лойиҳалари Умумжаҳон мероси маркази томонидан маъқуллангунга қадар тўхтатилади.

Жорий йилнинг 10 июлигача Моддий-маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилган объектларнинг янгиланган рўйхати белгиланган тартибда тасдиқланади. Аҳолининг хабордорлигини ошириш мақсадида ушбу рўйхат расмий-веб сайтларда эълон қилинади.

Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция 1995 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган.