Самарқанд вилояти Жомбой туманида пилла режасини бажармаган ва пахтасини ўт бостириб юборган икки фермернинг томорқасига трактор солинди.
Озодликка ҳайдалган экинзори расмини юборган фермернинг шикоят қилишича, туман ҳокимлиги етилиб қолай деган сабзи, картошка ва пиёз даласининг бир қисмини, огоҳлантириш мақсадида, ҳайдаттириб ташлаган.
Исми сир қолишини сўраган бу фермернинг шикоят қилишича, туман ҳокими Умиджон Назаров 11 июнь куни Қўрғонсаломон қишлоғидаги бир неча фермернинг томорқасида яшнаб турган экинзорга трактор солдирган:
“Қишлоғимиздаги Элдор Ҳамроев деган фермернинг томорқасидаги сабзиси, Облоёр Мамасолиевнинг картошка ва пиёз даласининг бир қисми нобуд бўлди. Туман ҳокимининг буйруғи билан келдим, деб чизел таққан трактор экинзорга кириб, у бошидан бу бошига бир бориб келди. Ҳоким бу фермерларни пилла режасини бажармагани ва пахтасига яхши қарамагани учун шундай усул билан жазолади”, деб даъво қилди фермер.
У етилиб қолган пиёз, картошка ва сабзи пайҳон қилинган экинзорлари суратини Озодликка юборди.
Озодлик билан суҳбатлашган қўрғонсаломонлик маҳалла фаоли бу ҳолни тасдиқлади ва гарчи, фермерларда ҳам айб бўлса-да, уларнинг бу тариқа жазоланишини ғайриқонуний, деб билишини айтди.
Экинзорларга трактор солинганига шахсан гувоҳ бўлганини айтган, аммо исмини сир сақлаган 70 яшар маҳалла фаоли бундай ҳолатга илк бор гувоҳ бўлаётганини айтди.
“Бармоқдай бўлиб қолган сабзини, гуллаётган картошкани, энди таг олаётган пиёзни буздириб ташлаш - увол. Майли, фермернинг айби бўлса, унга жарима солсин ёки бошқа жазо усулини қўлласин. Ҳокимнинг ўзи келиб бу ишга бош бўлди. Яна бир фермер Шомурод Эргашевни ҳам экинига трактор солмоқчи эди, лекин маҳалла раиси ва бошқа фаоллар ҳокимдан илтимос қилиб, тракторни қайтаришди”, дейди маҳалла фаоли.
Озодлик сабзи экилган ерига трактор солинган иккинчи фермер Элдор Ҳамроевни топиб, гаплашди.
Аммо, ерининг ҳайдалганини инкор қилмаган бу фермер туман ҳокимини роса мақтади:
“Тўғри энди, пилладан озгина камчилик бўлган эди... Лекин, бизнинг ҳоким зўр ишлар қиляпти. Ёнилғи, минерал ўғитларни етказиб беряпти. Бизда ҳали бунақа ҳоким ҳали бўлмаган”, деди Элдор Ҳамроев.
Озодлик боғланган Жомбой туманининг навбатчиси фермерларнинг ери ҳайдалгани борасида бирор изоҳ бермади. У Ҳайит кунида ҳам ҳоким иш билан далада юргани, у билан боғланиш имкони йўқлигини билдирди.
Ўзбекистонда фермерларнинг кўкариб турган экинзорларини бузиб ташлаш ҳоллари учраб туради.
Жорий йилнинг апрель ойида Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманининг “Меҳнат-роҳат”, “Қўнғирбой” ва бошқа фермер хўжаликларидаги пиёз, кунгабоқар экилган майдонларига туман ҳокимининг буйруғи билан трактор солинган эди.
Шу ойнинг ўзида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида фермер хўжалик ерлари пахта майдонларига айлантирилиши ваъжи билан зироат экинлари вайрон қилинган эди.