Ўзбекистон гилос экспорти бўйича Испанияни ортда қолдириб, жаҳондаги 4-ўринни эгаллади. Бу ҳақда мева-сабзавот экспортини ўрганувчи EastFruit агентлиги ўз экспертларига таянган ҳолда хабар қилди.
Маълумотда айтилишича, 2017 йилда Ўзбекистон 32 минг тонна гилосни экспорт қилган, бу эса Испания экспорт қилган гилосдан 5 минг тоннага кўпдир. Агентлик экспертлари 2018 йилда Ўзбекистон гилос экспортини 36-38 минг тоннага етказишини таҳмин қилмоқда.
Хабарда билдирилишича, Ўзбекистонда 2013 йилдан бошлаб гилос боғларининг кўпайтирилиши ортидан 2017 йилга келиб мана шундай натижага эришилган. Бундан беш йил олдин Ўзбекистон йилига фақат 5 минг тоннага яқин гилосни экспорт қилар эди.
“Ўзбек гилоси, бозор нуқтаи назаридан олиб қаралганда, жуда сифатсиз эканини эътиборга олсак, бу жуда катта ютуқдир”, дейилади хабарда.
EastFruit экспертларига қўра, Ўзбекистон гилоснинг 99,5 фоизини Россия ва Қозоғистонга экспорт қилмоқда.