Қаршидаги қариндошларини кўргани келган АҚШ ватандоши ҳибсга олинди

АҚШ ватандоши Зокир Алиев. "Америка овози" сайтидан олинган сурат.

АҚШ ватандоши Зокир Алиев Қашқадарёда милиция томонидан қўлга олингани тўғрисида 17 июнь куни “Ўтюраклар клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти маълум қилди.

Хабарда айтилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг чақириғидан илҳомланиб, Қашқадарёдаги яқинларининг уйига меҳмонга борган АҚШ ватандоши Зокир Алиев 16 июнь куни Қарши шаҳар ИИБ томонидан ҳибсга олинган.

“Зокир Алиевга Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги яқинлари таклифнома юборган, ОВИР тасдиқлаган ва Ташқи Ишлар вазирлиги виза рухсати чиқарган. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Алиев паспортига 90 кунга виза қўйган. Зокир Алиев ота-онасининг уйига қадар эсон-омон етиб борган. Яқинлари билан кўришгандан кейин бир соат ўтиб, Қарши шаҳридан келган ички ишлар ходимлари олиб кетишган", дейлади ташкилот томонидан тарқатилган хабарда.

“Ўтюраклар клуби”нинг билдиришча, Зокир Алиев АҚШда хусусий солиқ компаниясининг раҳбари ҳамда тадбиркордир.

Ташкилот Зокир Алиевни озод қилиш чақириғи билан президент девони, Ташқи ишлар ва ички ишлар вазирликларига мурожаат жўнатилганини ҳам таъкидлаган.

Маълумотда Зокир Алиев қандай айблов билан қўлга олингани, унинг аввал қидирувда бўлган ёки бўлмагани тўғрисида маълумот берилмаган. Ўзбекистон расмийлари, жумладан, Қарши шаҳар ИИБ бу борада расман маълумот берган эмас.

“Америка овози” радиосининг билдиришича, 46 ёшдаги Зокир Алиевнинг айни дамдаги аҳқоли ҳақида маълумот йўқ. Ҳибсга олинди деган хабарлар расман тасдиқланмаган.

“АЙрим манбаларга кўра, унинг мухолифат билан алоқалари кўриб чиқилмоқда. Лекин бу ҳақда ҳам ҳеч қандай баёнот йўқ. АҚШ элчихонаси ҳам бу борада ҳоизрча ўз позициясини билдирмаган”, деб ёзди “Америка овози”.